Маҳаллий

Чак Норрис тан берган ўзбек ва Билл Клинтондан Каримовга мактуб. Ўзбекистон газеталари 30 йил олдин нималар ҳақида ёзган?

Чак Норрис ҳайратга тушган ўзбек спортчиси ва Билл Клинтоннинг Каримовга йўллаган мактуби. 30 йил аввал Ўзбекистон газеталари нималар ҳақида ёзган?

30 йил муқаддам газета саҳифаларида қандай мавзулар ёритилган? Ўзбекистон аҳолиси учун қайси масалалар долзарб бўлган? Ўша даврда доллар курси қандай эди? “Дарё” нашри 1996-йил август ойининг дастлабки ўн кунлигида чоп этилган даврий нашрлардаги энг қизиқарли хабарларни бир жойга жамлади.

1996-йилда “Халқ сўзи” газетаси август ойининг бошидан Мустақиллик кунига қадар бош саҳифада “кун санаган”. Ўша йилги шиор эса “Бу — менинг байрамим! Бу — сенинг байраминг! Бу — ҳаммамизнинг байрамимиз!” деб белгиланган эди.

“Халқ сўзи” газетасининг “Август — ҳал қилувчи ой!” сарлавҳали мақоласи президент Ислом Каримовнинг сўзлари билан бошланган: “Август ҳосил тўплашда, кўсаклар сонини оширишда муҳим палла. Халқда асл деҳқон бу ой давомида техникасини даладан олиб чиқмайди, деган гап бор. Бугунги кунда тегишли вазирлик ва уюшма раҳбарлари ҳамда мутахассисларнинг ўрни далада бўлиши, барча пахтакорларга ёрдам бериши зарур”. 1996-йил 2-августда чоп этилган газетанинг 155-сонида пахта очилгани ҳақида ҳам маълумот берилган.

30 йил аввал Самсунг компаниясининг рекламаси ҳам “Халқ сўзи” саҳифаларида жой олган.

Ўзбекистонлик спортчи Шуҳратжон Элов “Халқ сўзи”га берган интервюсида Чак Норрис билан қандай танишганини ҳикоя қилган: “Бир нечта халқаро турнирларнинг ғолиби бўлганим учунми, карате бўйича ушбу халқаро турнирга таклиф этишди. Бордик, беллашдик. Билмадим, Чак Норрисга менинг услубим ёқди шекилли, мен билан қизиқиб қолди. У билан учрашдик, ширингина суҳбат қурдик. Чак Норрис менда карате билан қачондан буён шуғулланишимни, устозим кимлигини ва бошқа шунга ўхшаш саволлар берди. Мен унга биринчи устозим отам эканлигини, карате билан тўрт ёшимдан буён шуғулланишимни, ҳозирги кунда Ўзбекистонда карате спорти жуда тез ривожланаётгани ҳақида сўзлаб бердим. Чак Норрис мени бу йилги, яъни 1996-йилда ўтадиган турнирга таклиф этди”.

ФИФА президенти Жоао Авеланж 1996-йилдаёқ Ўзбекистоннинг Жаҳон чемпионатида иштирок этишига ишонч билдирган.

30 йил олдин, 6-августда бўлиб ўтган Валюта биржаси савдоларида сотув ҳажми 16,88 миллион АҚШ долларини ташкил этган. Бир АҚШ долларининг қиймати эса 38 сўм даражасида қайд этилган.

1996-йилда ҳам автомобил сотиб олиш учун кредитлар ажратилган. “Халқ сўзи”нинг 7-августдаги сонида Ўзбекистон автомобилларига техник хизмат кўрсатиш ҳиссадорлик жамияти раиси Юсуф Асилов интервю бериб, ўша вақтдаги машиналар нархини эълон қилган:

Тисо — 5800—6734 АҚШ доллари;

Дамас — 7200—8363 АҚШ доллари;

Нехиа — 10 000—11 798 АҚШ доллари.

1996-йил 7-августда чоп этилган “Маърифат” газетасининг бош саҳифасида янги ўзбек алифбоси ҳақида сўз боради. Айнан ўша йилдан бошлаб 1-синф ўқувчилари янги ўзбек алифбосида ўқишни бошлаган.

“Мактаб бозори” ўша вақтда ҳам мавжуд бўлган.

1996-йилда ўтказилган Олимпиада ўйинларида ўзбекистонлик спортчилар биринчи марта мустақил Ўзбекистон давлати номидан иштирок этган. Мукофотларни топшириш маросимида мамлакат байроғи кўтарилган. Дзюдочи Армен Богдасаров кумуш, боксчи Карим Тўлаганов бронза медалини қўлга киритган.

“Тошкент ҳақиқати”нинг 1996-йил 10-августдаги 63-сонида ёзилишича, бир кун олдин, яъни 9-август куни Кремлда Россия президенти Борис Елсиннинг инаугурация маросими бўлиб ўтган. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ушбу маросимда иштирок этиш учун Москвага борган. Учиб кетишдан олдин давлат раҳбари аеропортда журналистларнинг саволларига жавоб берган: “Биз бундан буён Россия демократик ўзгаришлар йўлидан дадил боришига аминмиз ҳамда бу давлат билан ўзаро муносабатларни янада мустаҳкамлашга тайёрмиз”.

“Ўзбекистон овози”нинг август ойидаги сонида Силвестр Сталлонега бағишланган “Рембо қўл силтади” номли хабар чоп этилган. Унда дунёга машҳур актёрнинг Калифорниядан кўчиб кетмоқчи бўлгани ҳақида ёзилган.

Ўша вақтда Азим Суюн бош муҳаррирлик қилган “Ўзбекистон овози”да ҳатто инфографиклар ҳам эълон қилиб борилган. Қуйидаги чизмалар газетанинг 1996-йил 6-августдаги 100-сонидан олинган.

Силвестр Сталлоне ҳақида ўша йилнинг августида “Ватанпарвар” газетаси ҳам ёзган. Фақат унинг бошқа юртга кўчиб кетиши ҳақида эмас, балки бир кунда 65 та таблетка истеъмол қилиши ҳақида.

Бундан ташқари, “Ватанпарвар” газетасида ўзбек тилини ўргатишга мўлжалланган махсус дарслар чоп этиб борилган.

АҚШ президенти Билл Клинтондан Ислом Каримовга мактуб ҳам “Тошкент оқшоми” газетаси саҳифаларида жой олган.

international relationseducationeconomyuzbekistanhistorical newscottonsports