Маҳаллий

Бухорода 40 кунлик «сафарбарлик» старт олди

Айрим хонадонлар олдида қимматбаҳо, сўнгги русумдаги автомобиллар саф тортиб туради. Бироқ, айтиш ўринлики, ўша хонадонлар

Бухорода 40 кунлик "Обод маҳалла – обод Бухоро" шиори остида ободонлаштириш сафарбарлиги бошланди. Дастлабки кунларданоқ аҳолининг маҳалла ободлиги йўлидаги бирлашуви катта куч эканлиги намоён бўлди, бироқ баъзилар бу умумий ташаббусни четдан кузатишни афзал кўрди.

Бухоро вилоятида 516 та маҳалла мавжуд бўлиб, улар катта ҳудудларни, жумладан, чўл зоналарни ҳам қамраб олади. Минглаб кўчалар аҳолига хизмат қилади. Маҳаллалар бўйлаб сайр қилганда турли манзараларга дуч келиш мумкин: бир жойда замонавий, ҳашаматли бинолар ва турар жойлар қад ростлаган бўлса-да, кўчалар тозаликка муҳтож. Бошқа бир жойда оддий хонадонлар бўлса-да, атрофи озода ва кўнгилга яқин. Баъзи жойларда муқаддас қадамжолар ва қабристонлар обод қилинган бўлса, бошқа ҳудудларда улар қаровсиз қолиб, ҳашарга муҳтож аҳволга келган.

Айрим хонадонлар олдида қимматбаҳо автомобиллар турган бўлса-да, уларнинг дарвозалари олдидаги ариқлар тиқилиб ётибди, йўл четини ёввойи ўтлар босган, чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмаган, кўчалар эса узоқ вақтдан бери тозаланмаган. Баъзи маҳаллаларда тунги ёритиш тизими ишламайди, ичимлик суви ёки оқова тизими билан боғлиқ муаммолар аҳолини қийнайди. Айрим жойларда болалар майдончалари етарли эмаслиги, таъмирталаб аҳволга келиб қолгани ёки умуман йўқлиги кузатилади. Баъзи ҳудудларда эски дарахтлар қуриб қолган, буталанмаган ёки янгилари экилмаган. Йўл ва пиёдалар йўлаклари талаб даражасида эмас. Бу каби ҳолатлар нафақат маҳалланинг ташқи кўриниши, балки аҳолининг яшаш сифатига ҳам бевосита таъсир қилишини кўрсатади, чунки кўча тозалиги, ёритиш, сув таъминоти, оқова тизими, болалар майдончалари ва дарахтларнинг ҳолати бевосита аҳоли турмуш сифатига боғлиқ.

Маҳалладаги барча муаммоларни фақат маҳалла раиси зиммасига юклаб бўлмайди. Бу жараёнда маҳалла раиси билан бир қаторда профилактика инспектори, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, коммунал ташкилотлар ва энг асосийси, ҳар бир фуқаро иштирок этиши керак. Шу муносабат билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси ташаббуси билан Бухорода 40 кунлик сафарбарлик бошланди. "Обод маҳалла – обод Бухоро" шиори остидаги ушбу ободлик ҳаракатининг илк кунидаёқ, аҳоли маҳалла ободлиги учун бирлашишда катта куч эканини намоён қилди.

Бухоро ҳокими Ботир Зарипов шундай деди: "Бугун барчамиз бир тану бир жон бўлиб, ободлик ишларига ўз ҳиссамизни қўшишимиз керак. "Обод маҳалла — обод Бухоро" шиори фақат сўзда эмас, амалимизда ҳам акс этиши лозим. Шаҳримизда чиқиндилар тўпланиб қолса, атроф-муҳитга бефарқ қарасак, бу бизга ярашмайди. Уят бўлади. Катта байрамлар арафасида ҳар бир хонадон, ҳар бир кўча, ҳар бир корхона ва ташкилот ободлик масканига айланиши зарур. Камчиликларни ўзимиз бартараф этайлик. Кексаларимиз ёшларга ўрнак бўлсин, ёшларимиз эса ташаббус билан майдонга чиқсин. Тозалик ва ободлик бор жойда файзу-барака бўлади. 40 кунлик ободлик ҳаракатини умумий мақсад ва бирдамлик асосида амалга оширайлик."

Ҳаракат давомида вилоят ҳокими бощилигида масъул раҳбарлар кўчама-кўча, хонадонма-хонадон ҳолат билан танишдилар. Жараёнга жалб этилган махсус техникалар ҳудудлардаги ободонлаштириш ишларини жадаллаштиришга хизмат қилди. Чиқиндилар олиб чиқилди, ариқлар тозаланди, кўча ва йўлаклар тартибга келтирилди, аҳоли билан бевосита мулоқот қилиниб, мавжуд муаммолар ўрганилди.

Айрим фуқаролар уй-жойи атрофини тартибга келтирмаганидан хижолат чеккан бўлса, айримлари бу "камчилик"ларини тезда бартараф этишларини билдиришди.

Амалий сафарбарликда кўзда тутилган мақсадлар ижросини таъминлаш учун 4 та сектор жалб этилган. Ҳаракат давомида секторлар кесимида ободонлаштириш ишларининг амалий ҳолати ўрганилган. Ўзбекистон Маҳаллалари уюшмаси Бухоро вилояти бошқармаси бошлиғи Шерзод Ашуровнинг "Xabar.uz"га билдиришича, ижро юзасидан 4 та сектор кесимида ўтказилган ушбу таҳлилларда айрим камчиликлар ҳам қайд этилган.

4 та секторда жами 58 та ташкилотга маҳаллалар бириктирилиб, улар томонидан 53 та ҲОВО, 114 та ИСУЗИ, 65 та погрузчик, 1 360 нафар ищи ҳамда 24 та косилка жалб этилиши белгиланган эди. Бироқ, амалий таҳлилларга кўра, 11 та ҲОВО, 49 та ИСУЗИ, 23 та погрузчик, 410 нафар ищи жалб қилинган.

Бириктирилган маҳаллаларда ободонлаштириш ишларини самарали ташкил этган ҳамда белгиланган вазифаларнинг асосий қисмини ўз вақтида бажарган Бухоро туман ҳокимлиги, Бухоро туман Автойўл, Жондор туман Автойўл, "Бухоро ҳудудий электр тармоқлари корхонаси" АЖ, "Халқ банки" вилоят бўлими, Ғиждувон туман Автойўл, Шофиркон туман Автойўл, Вобкент туман Автойўл, "Ҳудудгаз Бухоро" газ таъминоти филиали, "Агробанк"нинг вилоят бошқармаси, "Микрокредитбанк" вилоят бўлими, Олот туман ҳокимлиги, Қоракўл туман ҳокимлиги, Ромитан туман Автойўл, Олот туман Автойўл, Қоракўл туман Автойўл, Когон туман Автойўл ҳамда "Алоқа банк" вилоят бўлими томонидан ишлар ижобий ташкил этилган.

Бироқ, Жондор туман ҳокимлиги, Когон шаҳар ҳокимлиги, "Ипотека банк" АТИБ вилоят филиали, Вилоят солиқ бошқармаси, "Бухоро Зарҳал Текс" МЧЖ, "Қоракўл дон" МЧЖ, "Арк Эко Текстил Кластер" МЧЖ, "Парвоз Хумо Равнақ транс" МЧЖ, "Мергантекс" МЧЖ, "Когон дон" МЧЖ, Қоровулбозор туман ҳокимлиги, Пешку туман ҳокимлиги ҳамда Қоровулбозор туман Автойўл бўлими томонидан ободлик ишлари амалга оширилмаган. Натижада мазкур ташкилотларга бириктирилган Б.Нақшбанд, Истиқлол, Фошун, S.Ayniy, Ёшлик, Бехиштиён, Фитрат, Зарафшон, Янгиобод, Жўбор, Фурқат, С.Шерозий ҳамда Ғиждувоний маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари умуман бажарилмаган.

Айниқса, 2-, 3- ва 4-секторларда белгиланган 18 та косилканинг бирортаси, шунингдек, 2-секторда режалаштирилган 14 та ҲОВОнинг бирортаси жалб қилинмаган.

Бу, албатта, қатор идора ва ташкилотларнинг сафарбарликка масъулияциз муносабатда бўлганлигини кўрсатади. Масъулият тақсимланган жойда назорат ҳам бўлиши шарт. Назорат бўлмаган жойда эса вазифалар қоғозда бажарилган, амалда эса муаммолар сақланиб қолган ҳолатларга дуч келинади.

urban developmentinfrastructureaccountabilitylocal governmentbeautificationbukharapublic amenitiescommunity work