Бизнес-омбудсман МЖтКдаги норманинг конституцияга мувофиқлигини текширишни сўрамоқда
Бизнес-омбудсман Конституциявий судга мурожаат йўллади. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-39-моддаси конституциянинг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқлигини текшириш сўралган. Ушбу моддада Олий суднинг тафтиш тартибидаги қарори узил-кесиллигини белгиловчи норма назарда тутилган.

Бизнес-омбудсман Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги норманинг конституцияга мувофиқлигини текширишни сўраб, Конституциявий судга мурожаат қилди. Бу ҳақда Бизнес-омбудсман ахборот хизмати хабар берди.
Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони якка тартибдаги тадбиркор Ш.R.ning мурожаатини ўрганиб чиққан.
Маълум бўлишича, 2025-йил 28-май куни тадбиркорга тегишли мебел ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлган. Ушбу воқеа юзасидан жиноят иши қўзғатиш рад этилган ва тадбиркор Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 211-моддаси 3-қисми (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) бўйича жавобгарликка тортилиб, 750 минг сўм миқдорида жарима қўлланилган.
Ушбу қарор кассация ҳамда Олий суднинг тафтиш инстансияси томонидан ўзгаришсиз қолдирилган. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-39-моддасига кўра, тафтиш тартибидаги қарор узил-кесил ҳисобланади ва у бошқа ҳеч қандай суд инстансияси томонидан қайта кўриб чиқилиши мумкин эмас.
“Шу билан бирга, худди шу воқеа бўйича алоҳида юритилган текширув натижасида тафтиш инстансияси қарори чиққанидан кейин (2026-йил июн ойида) суд-экспертиза хулосаси ва якуний тергов қарори қабул қилинган. Унга кўра, ёнғиннинг сабаби мебел корхонасининг электр тармоғидаги авария ҳолати бўлгани ва бу ҳолат тадбиркорнинг айби ёки қасддан қилинган ҳаракатлари билан боғлиқ эмаслиги объектив тарзда аниқланган.
Амалдаги норманинг узил-кесиллик қоидаси сабабли ушбу янги, тадбиркорнинг айбсизлигини тасдиқловчи далиллар ҳеч қандай суд инстансияси томонидан кўриб чиқилмаган. Оқибатда 750 минг сўмлик маъмурий жарима тўғрисидаги қарор бугунги кунга қадар кучда қолмоқда”, дейилади хабарда.
Вакил девони ушбу ҳолатни Конституциянинг айбсизлик презумпсияси (28-модда), инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади эканлиги (54-модда) ҳамда ҳар кимнинг ҳуқуқларини холис суд орқали ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларни тиклаш ҳуқуқи (55-модда) қоидаларига мувофиқлиги нуқтаи назаридан баҳоланиши зарур, деб ҳисобламоқда.
Шунга асосан, Бизнес-омбудсман Конституциявий судга расмий мурожаат йўллаган. Унда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 324-39-моддасини Конституциянинг 28, 54 ва 55-моддаларига мувофиқлигини текшириш сўралган.

