Банклар ва микромолия ташкилотлари ўз фаолиятини исломий банк фаолиятига ўзгартириши мумкин бўлди
Адлия вазирлиги Микромолия ташкилоти ва банк фаолиятини ўзгартириш тартиби тўғрисидаги низомга ўзгартириш ва қўшимчаларни давлат рўйхатидан ўтказди.

Банклар ва микромолия ташкилотларига ўз фаолиятини исломий банк фаолияти тамойиллари асосида ташкил этиш имконияти яратилди.
Қабул қилинган ҳужжат кредит ташкилотларининг фаолиятини ўзгартириш бўйича қуйидаги тартиб-қоидаларни белгилайди:
* Микромолия ташкилотини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига айлантириш;
* Фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка айлантириш;
* Фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкига айлантириш;
* Фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банкини микромолия ташкилотига айлантириш;
* Банкни фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка айлантириш.
Шуни таъкидлаш жоизки, ўз фаолиятини фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи банкка ўзгартириш ҳуқуқига фақат исломий банк фаолиятини амалга оширувчи микромолия банки эга.
Микромолия банкини давлат рўйхатидан ўтказиш ва банк фаолиятини амалга ошириш учун тегишли лицензия (лицензиялар) олишда, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспексиясининг хулосаси талаб этилади. Бу хулоса микромолия банки биноларида ногиронлиги бўлган шахслар учун шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланган талабларга мувофиқ қулай шарт-шароитлар яратилганлигини тасдиқлаши лозим.

