Маҳаллий

БААдан олиб келинган 778 та йўрға тувалоқ Навоий чўлларига қўйиб юборилди

БААнинг ихтисослаштирилган питомнигида парваришланган 778 та йўрға тувалоқ Навоий вилоятининг Нурота ва Навбаҳор туманлари ҳудудидаги чўлларга қўйиб юборилди. Лойиҳа ноёб қуш турининг табиий популяциясини тиклашга қаратилган.

Навоий вилоятининг Нурота ва Навбаҳор туманларидаги чўл ҳудудларига Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган 778 та йўрға тувалоқ (ҳубара) қўйиб юборилди. Бу ҳақда Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси хабар берди.

Қушлар Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси ҳузуридаги Экоҳудуд ва овчиликни ривожлантириш департаменти давлат муассасаси, Навоий вилояти Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси ҳамда "Фалсон Ҳунтинг Солутионс" МЧЖ иштирокида ташкил этилган тадбир доирасида табиатга қайтарилди.

Ушбу йўрға тувалоқлар Бирлашган Араб Амирликларининг ихтисослашган питомнигида парваришланган бўлиб, Дубай амирлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси кўмагида мамлакатга келтирилган.

Лойиҳа йўрға тувалоқларининг табиий муҳитдаги сонини ошириш ва чўл экотизимини сақлашга ҳисса қўшишни мақсад қилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бундай тадбирлар ноёб қуш турининг популяциясини кўпайтириш ва чўлдаги биохилмахилликни сақлашга хизмат қилади.

Аввалроқ Қорақалпоғистоннинг Оролбўйи ҳудудига 672 бош йўрға тувалоқ қўйиб юборилган эди. Улар БАА президенти ва Абу-Даби ҳукмдори шайх Мансур бин Заид Ал Наҳайяннинг Қозоғистондаги ваколатхонасига тегишли бўлган ихтисослашган кўпайтириш марказида етиштирилган.

Йўрға тувалоқлар Ўзбекистон Қизил китоби, Табиатни муҳофаза қилиш халқаро уюшмасининг Қизил китоби ҳамда йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари савдоси тўғрисидаги СИТЕС конвенсиясининг И иловасига киритилган.

Ўзбекистонда бу қушларнинг кўпайишини асосан Бирлашган Араб Амирликлари молиялаштиради. Бухоро вилоятида қушларни муҳофаза қилиш ва кўпайтириш Амирликлар маркази (Эмиратес Бирд Бреединг Сентер фор Сонсерватион), шунингдек, 2008-йилдан буён Навоий вилоятида йўрға тувалоқ қушларини сақлаш бўйича "Амирликларнинг Йўрға тувалоқни асраш маркази" (Эмиратес Сентер фор Сонсерватион оф Ҳоубара) фаолият юритади.

Экология миллий қўмитаси маълумотларига кўра, йўрға тувалоқ асосан Ўзбекистоннинг Қизилқум чўлида, шунингдек, Қозоғистон, Туркманистон, Тожикистон, Кавказ орти, Миср, Ғарбий Осиё ва Мўғулистонда яшайди.

wildlife conservationuzbekistan ecologyuae cooperationspecies reintroductiondesert biodiversitynavoiy regionendangered specieshoubara bustard