Айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензиясиз шуғулланишга рухсат берилади
Ўзбекистонда янги ҳуқуқий институт – “Бизнесга лицензиясиз кириш” махсус режими жорий этилади. Бу орқали айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензия ёки рухсатномасиз шуғулланиш имконияти яратилади.

Айрим фаолият турлари билан уч ойгача лицензиясиз шуғулланишга рухсат берувчи ўзгартишлар “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунга киритилмоқда. Ушбу ўзгартишлар Сенатнинг 8-июл куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида маъқулланди.
Қайд этилишича, “Бизнесга лицензиясиз кириш” деб номланган махсус режимнинг жорий этилиши натижасида тадбиркорлик субъектлари лицензия ёки рухсатнома олмасдан, ваколатли органни электрон тарзда хабардор қилиш орқали ўз фаолиятини бошлаш имкониятига эга бўлади.
Бу тартиб уларга лицензия ёки рухсатнома талабларига мослашиш учун қўшимча вақт беради, шунингдек, ўз фаолиятини синов тариқасида бошлаш ва унинг иқтисодий самарадорлигини баҳолаш имконини яратади.
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, “Ушбу ўзгариш тадбиркорлик фаолиятини бошлашни енгиллаштиради, вақт ва харажатларни тежайди ҳамда янги бизнес ташаббусларини рағбатлантиришга хизмат қилади”.

