Андижонда 21 нафар болани боғчага олиб кетаётган Траскер ЙТҲга учрагани маълум бўлди. Болалардан бири вафот этган
Ҳодиса Хўжаобод туманида содир бўлган. 40 ёшли аёл эрталаб 21 нафар болани хусусий боғчага олиб кетаётганда машина бошқарувини йўқотган. Оқибатда автомобил йўл четидаги бетон устунга бориб урилган. Оммага ошкор қилинмаган ушбу ЙТҲда 8 нафар бола турли даражада жароҳатланган. Улардан бири 4 кун ўтиб вафот этган.

Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида 21 нафар болани боғчага олиб кетаётган Траскер автомобили иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси (ЙТҲ) содир бўлди, натижада болалардан бири вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz нашри суд ҳужжати билан танишиб, хабар берди.
Суд ҳукмига кўра, ЙТҲ 21-феврал куни эрталаб "Хўжаобод-Бобур" автомобил йўлида юз берган. 40 ёшли И.А. исмли аёл ўз бошқарувидаги Траскер машинасига 21 нафар болани миндириб, хусусий боғчага олиб кетаётганида бошқарувни йўқотган. Оқибатда автомобил йўл четидаги бетон устунга бориб урилган.
ЙТҲ натижасида 8 нафар бола турли даражада жароҳатланган. Улардан бири, 6 ёшли қизалоқ оғир тан жароҳати олиб, шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай, у 4 кундан сўнг вафот этган.
Ҳайдовчи аёл суддаги кўрсатмасида болаларни ҳатто машина юкхонасига (багажига) ҳам жойлаштирганини тан олган. Унинг сўзларига кўра: "Чап томонимдан қандайдир машина тезлик билан ўтди. Ушбу ҳолатдан қўрқиб кетиб, ўзим билмаган ҳолда машинамни ўнг томонга буриб юбордим. Сўнг йўл четига чиқиб, бошқарувни бутунлай йўқотдим ва ёритиш устунига урилдим. Атрофдагилардан ёрдам сўраб йиғлаб юбордим. Атрофдаги одамлар мени ва болаларни машинадан чиқариб, шифохонага олиб боришди. Қоидаларга риоя қилмасдан 21 нафар болани машинанинг олд, орқа ва "багаж" қисмига чиқардим. Қилмишимдан пушаймонман".
Аёл 2-гуруҳ ногирони эканлигини билдириб, суддан енгиллик сўраган.
Жиноят ишлари бўйича Хўжаобод туман суди ҳукми билан И.А. Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одам ўлимига сабаб бўлиши) содир этишда айбдор деб топилди. Унга Жиноят кодексининг 45 ва 57-моддаларини қўллаган ҳолда 2 йил муддатга машина бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилиш ва 3 йил муддатга уй-жойни тарк этишни бутунлай тақиқлаш тарзидаги озодликни чеклаш жазоси тайинланди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Нурота туманида 13 нафар боғча боласини ташиб кетаётган Матиз автомобили ЙТҲга учраган ва уни бошқарган аёл вафот этганди.

