Маҳаллий

90 млн долларлик зарар: Жанубий Кореяга ишга юборишдаги фирибгарлик бўйича суд 29-июлда бошланади

90 миллион долларлик фирибгарлик иши: Жанубий Кореяга ишга юборишдаги қонунбузарликлар бўйича суд 29-июлда бошланади

Жанубий Кореяга ишга жойлаштириш билан боғлиқ бўлган ва тахминан 90 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказилган жиноят иши бўйича суд жараёни 29-июл куни старт олади. Бу ҳақда “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Абдураҳмон Ташанов маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, иш Жиноят ишлари бўйича Бектемир туман судида, судя Дадахонова раислигида кўриб чиқила бошланади. Ушбу жиноят иши бўйича дастлабки тергов Бош прокуратура томонидан олиб борилгани қайд этилди.

Судланувчилар сифатида Ғанчар Уммат ўғли Узоқов, Тимур Бадриддинович Шариксиев, Алижон Ғаниевич Ашуров ҳамда Сухроб Санжарович Сайфутдинов иштирок этмоқдалар.

Уларга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси 3-қисми “а” ва “б” бандлари (пора олиш), 243-моддаси (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) ҳамда 301-моддаси 1-қисми (ҳокимиятни суиистеъмол қилиш, ҳокимият ваколатидан четга чиқиш ёки ҳокимият ҳаракацизлиги) билан айблов эълон қилинган.

Ҳозирда айбланувчиларнинг айби суд томонидан исботланмаган. Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ, шахс суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан айбдор деб топилмагунча айбсиз ҳисобланади.

2026-йил май ойида Бош прокуратура ҳузуридаги департамент Жанубий Кореяга ишга юбориш билан боғлиқ йирик коррупсион схема фош этилганини эълон қилганди. Ташқи меҳнат миграция агентлиги ва хусусий бандлик агентликларининг айрим собиқ мансабдор шахслари иштирокидаги жиноий гуруҳ фуқаролардан расмий тўловлардан ташқари 7–12 минг доллардан ноқонуний пул йиғган. Тергов давомида ушбу схема орқали қарийб 90 миллион доллар йиғилгани, шунингдек, алоҳида эпизодлар бўйича яна 45 миллион доллар ноқонуний олингани аниқлангани маълум қилинган.

uzbekistanabuse of powerlabor migration fraudcorruption schemecourt trialbriberysouth koreafinancial crime