25 штат Трамп администрацияси устидан судга шикоят қилди
АҚШнинг 25 штати Оқ уйни судга берди. Даъвогарларга кўра, Трамп маъмурияти Олий суд шу йилнинг февралида бекор қилган тарифларни энди бошқа ҳуқуқий асослар билан жорий қилишга уринмоқда. Божлар бизнесни қақшатиб, истеъмолчи ҳуқуқларини бузмоқда, дейди судга мурожаат қилганлар.

25 штат Трамп маъмуриятини судга берди, улар Оқ уйнинг тарифларни қайта жорий этишга уринишларини ноқонуний деб ҳисобламоқда. Даъвогар штатларнинг таъкидлашича, маъмурият ўз ҳаракатлари учун етарли асосларни келтирмаган ва бу тарифлар АҚШ бизнеслари ҳамда истеъмолчиларига жиддий зарар етказади.
Аввалроқ Олий суд кўриб чиққан ушбу масала бўйича бу гал демократлар бошқарувидаги 25 штат АҚШ савдо судига мурожаат қилди.
Трамп 2025-йилдан бошлаб кўплаб мамлакатларга қарши кенг кўламли божлар жорий қилган эди. Бироқ, 2026-йил февралида АҚШ Олий суди президентнинг тарифлари қонуний ваколатдан ташқарига чиққан деган қарорга келди.
Шундан сўнг, Трамп маъмурияти аввалги тарифларни бошқа ҳуқуқий асос билан қайта тиклашга уринди. Бу сафар улар 1974-йилдаги Савдо қонунининг (Траде Аст) 301-бўлимига таянди.
Шунга кўра, Оқ уй 59 савдо ҳамкор давлатлари ва Европа Иттифоқига икки хонали рақамларда, яъни 10-12,5 фоизда божлар эълон қилди. Трамп маъмурияти бу ҳаракатини ишлаб чиқарувчиларни ҳимоя қилиш зарурати билан изоҳлади. Бундан ташқари, Оқ уйнинг таъкидлашича, мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва халқаро таъминот занжирларидаги меҳнат ҳуқуқларининг бузилишини камайтириш мақсадида ҳам божлар жорий этилган.
Ню-Ёрк бош прокурори Летития Жьеймс шундай деди: “Олий судда ютқазгандан сўнг, маъмурият яна бир бор оилалар ва бизнесларга солиқларни янги тарифлар билан ноқонуний равишда оширишга ҳаракат қилмоқда”.
Душанба куни бошланган суд жараёнида Ню-Ёркка Аризона, Калифорния, Колорадо, Коннектикут, Делавер, Гавайи, Иллинойс, Кентукки, Массачусец, Мериленд, Мен, Мичиган, Миннесота, Невада, Ню-Жьерси, Ню-Мексико, Шимолий Каролина, Орегон, Пенсилвания, Род-Айленд, Виржиния, Вермонт, Вашингтон ва Висконсин штатлари қўшилди.
Юқори тарифлар Америка ишлаб чиқаришини жонлантиришини таъкидлайдиган Трамп ўтган йили АҚШнинг ўнлаб йиллар давомида паст тарифлар ва тобора эркинроқ савдони қўллаб-қувватлаган сиёсатини бекор қилди.
1977-йилги Халқаро фавқулодда иқтисодий кучлар тўғрисидаги қонунни қўллаб-қувватлаб, у деярли барча мамлакатлардан импорт қилинадиган товарларга икки хонали тарифларни жорий қилди.
Аммо Олий суд 1977-йилги қонун тарифларни тасдиқламагани ҳақида қарор чиқарди. Ушбу қарор маъмуриятни тарифларни тўлаган импортчиларга қайтариб беришга мажбур қилди. Йўқотилган даромадни қоплашни истаган Трамп вақтинчалик 10 фоиз глобал тарифларга мурожаат қилди. Аммо улар ҳам ишламади.
Трамп ўзининг биринчи муддатида Хитойга катта тарифларни қўллаш учун 1974-йилги қонуннинг 301-бўлимидан фойдаланган ва бунга суд қаршилик қилолмаганди.
Маъмурият мажбурий меҳнат тарифларини жорий қилиш учун 301-бўлимни қўллади, бу тарифлар 10 фоиздан 12,5 фоизгача бўлган ва Америка импортининг 99 фоизини таъминлайдиган мамлакатларга таъсир қилади.
Оқ уй вакили Куш Десаи шундай деди: “Қўшма Штатлар АҚШ савдосига юк бўлган асоссиз ҳаракатлар, сиёсат ва амалиётларни бартараф этиш учун ўзининг қонуний ваколатларидан фойдаланмоқда”.
Ню-Ёрк юридик мактабининг Халқаро ҳуқуқ маркази профессори ва ҳамдиректори Барри Эпплтоннинг айтишича, Трампнинг биринчи маъмуриятида айнан 301-бўлим қўлланган, ҳозир ҳам шундан моҳиятан кўчирмачилик қилинмоқда. Демак, судда бу қийинчилик туғдириши мумкин.
Эпплтон ўз таҳлилида шундай деди: “Президентлар савдо қонунининг айни шу бўлимидан ўнлаб йиллар давомида фойдаланиб келишган ва Конгресс уни ҳақиқий ҳимоя воситалари билан ёзган: тергов, маслаҳатлашув, оммавий ёзувлар билан. Ҳукумат энди ваколатим йўқ-бор демайди, мен буни Конгресс чизган қонун билан қилдим, дейди. Шунинг учун ҳам судда ютиш қийин бўлади”.

